Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

НАВБАТДАГИ ИШГА ТИКЛАНГАН ХОДИМ!


Биз аллақачон демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришни бошлаган бўлсакда, қонун устуворлигини таъминлаш ва уларга сўзсиз амал қиладиган муҳитни тўлиқ шакллантиришга ҳали ҳамон эришганимиз йўқ.
Токи шундай муҳит ва жамият шаклланмас экан адлия органлари бу борада муросасиз кураш олиб бораверади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига фуқаро Д.С.нинг Тошкент шаҳридаги 206-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти (кейинги ўринларда – ташкилот деб юритилади) томонидан ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “ишонч телефони”га қилган мурожаати келиб тушган.
Аниқланишича, ташкилотнинг 2018 йил 5 сентябрдаги 256-сон буйруғига биноан фуқаро Д.С. рус тили ўқитувчиси лавозимига ишга қабул қилинган ва у билан 96-сон меҳнат шартномаси расмийлаштирилган.
Ташкилотнинг 2020 йил 24 декабрдаги 459-сон буйруғига мувофиқ Д.С. билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан бекор қилинганлиги маълум бўлди.

Туман мактабгача таълим бўлимининг 2020 йил 17 ноябрдаги 157-сон буйруғига асосан ташкилотнинг барча ишчи ходимларига 2020 йил 24 декабрда меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига мувофиқ икки ойдан сўнг бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хатлари берилган, аммо Д.С. ушбу огоҳлантириш хатини олмаганлиги ва у билан танишмаганлиги маълум бўлди.

Ташкилотнинг Жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олмай туриб меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган бўлсада, фуқаро Д.С. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бу билан ташкилот томонидан Меҳнат кодексининг 101 ва 102-моддалари талабларига амал қилинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаш Раёсатининг 2016 йил 19 апрелдаги 2-11-сон қарори билан тасдиқланган “Касаба уюшмаси органида иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби”нинг 11-бандига кўра, масаласи кўрилаётган ходим тегишли касаба уюшмаси органи мажлисида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Касаба уюшмаси органи ходимнинг мажлисда иштирок этиши учун етарли имконият яратиши лозим. Ходим мажлис ўтказиладиган сана ва жой ҳақида олдиндан ёзма шаклда (тилхат билан топшириш ёки почта орқали юбориш йўли билан) хабардор қилиниши шарт.
Юқоридагиларга кўра, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан туман мактабгача таълим бўлимига киритилган тақдимномага асосан ташкилотининг 2020 йил 24 декабрдаги 459-сон буйруғи бекор қилинган ва фуқаро Д.С. аввалги лавозимига тикланганз ҳамда унга ўртача иш ҳақи тўлаб берилган.

Шунингдек, айбдор шахсларни МЖтКнинг 49-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига киритилган маъмурий таклифга кўра, ташкилот раҳбарига БҲМ 5 баравари миқдорида жарима тайинланган.


Тошкент шаҳар адлия
бошқармаси масъул ходими
Мавлуда Бобораимова