Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Адлия кўмагида 3 нафар вояга етмаган фарзандлар онаси, ёлғиз боқувчи ишга тикланди.


Тошкент шаҳар адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан фуқаро М.Д.нинг Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг клиникаси (кейинги ўринларда – клиникаси деб юритилади) томонидан ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “ишонч телефони”га қилган мурожаатини кўриб чиқиш жараёнида қуйидагилар маълум бўлди.

Фуқаро М.Д. 2002 йил 30 октябрдаги 97-сон буйруқ билан клиникага 1,0 ставка ҳисобчи лавозимига ишга қабул қилинган ва у билан 129-сон меҳнат шартномаси расмийлаштирилган. 2011 йил 28 июлдаги 159-сон буйруқ билан клиниканинг 1,0 ставка бош ҳисобчи вазифаси юклатилган. Шунингдек, 2020 йил 26 февралдаги 97-сон буйруқ билан М.Д. 1,0 ставка бош ҳисобчи лавозимига ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 21 декабрдаги 20-2/6819-сон кўрсатма хати асосида клиника фаолиятида ўтказилган текширишда бир қатор камчиликлар аниқланганлиги важи билан М.Д. билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йил 24 декабрдаги 711-сон буйруққа биноан Меҳнат кодексининг 106-моддаси 4-бандига асосан 2020 йил 25 декабрдан бекор қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 101-моддасига кўра, ҳамда клиника жамоа шартномасига мувофиқ, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишда албатта касаба уюшмасининг розилиги талаб этилади, ушбу талабга амал қилинмаган.
Холбуки, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаш Раёсатининг 2016 йил 19 апрелдаги 2-11-сон қарори билан тасдиқланган “Касаба уюшмаси органида иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби”нинг 11-бандига кўра, масаласи кўрилаётган ходим тегишли касаба уюшмаси органи мажлисида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Касаба уюшмаси органи ходимнинг мажлисда иштирок этиши учун етарли имконият яратиши лозим. Ходим мажлис ўтказиладиган сана ва жой ҳақида олдиндан ёзма шаклда (тилхат билан топшириш ёки почта орқали юбориш йўли билан) хабардор қилиниши шарт.
Фуқаро М.Д. оилада ёлғиз боқувчи эканлиги ва уч нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, уларнинг энг кичики 3 ёшга тўлмаганлиги маълум бўлди.
Меҳнат кодексининг 237-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.
Шу билан бирга, ўша даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги 795-сон Қарори билан тасдиқланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторининг 19-бандига кўра, айрим ҳолатларда классификаторда белгиланган маълумотнинг энг паст даражасига ёки йўналишига эга бўлмаган, лекин етарли даражада амалий тажрибага эга бўлган, ўзларига юкланган лавозим вазифаларини тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажарадиган ходимлар маълумотнинг тегишли даражасини ёхуд маълумотнинг бошқа йўналишини талаб қиладиган лавозимга қабул қилиниши мумкин, агар қонунчиликда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида М.Д. 18 йилдан буён давлат ташкилотларида ҳисобчи ва бош ҳисобчи лавозимларида фаолият юритганлиги маълум бўлди.
Фуқаро М.Д.нинг манфаатини кўзлаб клиниканинг 2020 йил 24 декабрдаги 711-сон буйруғини бекор қилиш, М.Д.ни аввалги лавозимга ишга тиклаш, мажбурий прогул учун ўртача иш ҳақи ва етказилган маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво ариза киритилди ва суднинг жорий йил 2 апрелдаги ҳал қилув қарорига кўра, адлия бошқармасининг даъво аризаси қаноатлантирилиб, 2020 йил 24 декабрдаги 711-сон буйруқ ноқонуний деб топилиб бекор қилинди ва М.Д. аввалги лавозимига тикланди ҳамда мажбурий прогул учун ўртача иш ҳақи ва етказилган 10 000 000 сўм маънавий зарар суммаси ундирилди.

Тошкент шаҳар адлия
бошқармаси масъул ходими
Ш.Шарипов