Янгиликлар
13
21 асрда ходимга нақд 1 йил иш ҳақи тўламаслик лоқайдликми ёки кўргилик?
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан фуқаро С.К.нинг шаҳар 3-сон клиник шифохонаси (кейинги ўринларда – шифохона деб юритилади) томонидан иш ҳақи 2020 йил давомида қисман тўлаб берилмаганлигидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “ишонч телефони”га қилган мурожаати кўриб чиқилди ва қуйидагилар аниқланди.
Фуқаро С.К. 2020 йилнинг октябрь оийга қадар шифохонада фаолият юритган, бироқ иш ҳақи 2020 йилнинг февраль ойидан буён ҳар ой доимий равишда қисман тўлаб берилмаган.
Шифохонанинг 2021 йил 12 январдаги 5-сон хатига кўра, барча ходимларга иш ҳақининг бюджет маблағлари ҳисобидан тўланадиган қисми тўлаб берилган бўлиб, бироқ хўжалик (фонд) ҳисобидан тўланадиган қисми бўйича 2020 йилнинг февраль -декабрь ойларига қадар қарздорлик мавжуд.
Шунингдек, шифохананинг жорий йил 4 февралдаги 32-сон хатига кўра, 2019 йил юнь-август ойларида шифохонада таъмирлаш ишлари амалга оширилганлиги, 2020 йил 15 мартдан 10 майгача ва 18 июлдан 10 августгача Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг тегишли буйруқлари билан шифохона карантинга ёпилганлиги сабабли иш ҳақининг хўжалик ҳисобидан тўланадиган қисми бўйича қарздорлик вужудга келганлигини важ қилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасига кўра, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.
Ишчи ходимларга 2020 йилдаги қарздорликни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига 2020 йил 24 мартда жами 72 ариза киритилди ва жорий йил 29 мартдаги суд буйруғига кўра, 72 та ходимга жами 536 190 311 сўм иш ҳақи ундирилди.
Шу билан бирга, айбдор мансабдор шахсларни МЖтКнинг 49-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан тўпланган ҳужжатлар Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига юборилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш бўлими бошлиғи
М.Бобораимова