Янгиликлар
16
ЭГИЛГАН, БУКИЛГАН, ЛЕКИН СИНМАГАН ҲАҚИҚАТ ҚАРОР ТОПДИ!
Бу ҳикоя қалбимизни ларзага келтирди, чунки 2020 йил пандемия йили барчамиз учун оғир ва машаққатли йил бўлган бўлса, баъзи бир инсонларнинг ҳаётида бу йил энг қайғули йил сифатида тарихда қолди.
Чунки коронавирус инфекцияси туфайли кимдир ота-онасидан, кимдир турмуш ўртоғидан, яна кимлардир фарзандлари ва яқинларидан айрилди.
Қахрамонимиз Д.Ш. ҳам ана шундай инсонлардан бири бўлиб, 2020 йилда у ҳам турмуш ўртоғидан айрилиб қолди.
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан фуқаро Д.Ш.нинг туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бир йўла тўланадиган тўлов тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “ишонч телефони”га қилган мурожаати кўриб чиқилди.
Аниқланишича, фуқаро Д.Ш.нинг турмуш ўртоғи (мархум) Б.Ш. Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиникаларнинг бирида жаррох лавозимида фаолият юритган. Тиббиёт бирлашмасининг бир қатор буйруқлари билан Б.Ш. 2020 йил 24 майдан бошлаб 14 кун, 2020 йил 10 июндан бошлаб 14 кун ва 2020 йил 16 июлдан бошлаб 14 кунлик муддатга Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ туманидаги карантин полигонига 3 маротаба хизмат сафарига юборилган.
Биринчи ва иккинчи хизмат сафаридан Б.Ш. соғлом оиласи бағрига қайтган, бироқ минг афсуски охирги хизмат сафарини ўтаётган вақтида коронавирус инфекциясига қарши кураш жараёнида инфекция юқтириш натижасида 2020 йил 30 июлда Юқоричирчиқ туманидаги карантин полигонида вафот этган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида фуқаро Д.Ш. турмуш ўртоғининг ўлими учун бир йўла тўланадиган тўлов тўлаб берилмаганлигини, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, ўзи уй бекаси эканлигини, тўлов масаласида тегишли ташкилотларга мурожаат қилганлигини, бироқ тўлов амалга оширилмаганлигидан эътироз билдириб, тўловни ундиришда амалий ёрдам сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария–эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4652-сон Қарор иловасида коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмаганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган қўшимча тўловлар миқдори белгиланган. Унга кўра, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга тўланадиган бир марталик тўлов миқдори 100 миллион сўм этиб белгиланган.
Шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига тўланадиган бир марталик тўлов миқдори 250 миллион сўм этиб белгиланган.
Бу ҳолат бўйича санитария назорати ўтказилганлиги ҳақидаги 2020 йил 1 августдаги далолатномага кўра, мархум Б.Ш. коронавирус инфекцияси COVID-19ни Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ туманида жойлашган карантин полигонида беморлар билан ишлаш жараёнида бевосита мулоқот натижасида юқтириб олган ва ўлим қайд этилган деб хулоса берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан бир йўла тўланадиган тўловни мархумнинг оила аъзоларига зудлик билан тўлаш чораларини кўриш бўйича тақдимнома киритилди, бироқ Д.Шга 100 миллион сўм тўлов тўлаб берилди.
Шунга кўра, адлия бошқармаси томонидан Д.Ш.га қўшимча 150 миллион сўм бир йўла тўланадиган тўловни ва етказилган маънавий зарар сумасини ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига даъво ариза киритилди.
Суд жараёни жуда мунозарали ва баҳсларга бой бўлди, мутасадди ташкилот вакиллари жон жахди билан ушбу даъво талабини рад этиши учун курашишди.
Ё алҳазар.... қорни туқни қорни оч билан нима иши бор деганларича борда.
Бир оила боқувчисиз, бир аёл бева, икки бола отасиз қолиб кўнгиллар вайрон бўлсаю, баъзилар уларга тўланиши керак бўлган суммани ушлаб қолиш билан оввора.
Аммо, адолатли ва халқпарвар судьяга шон-шарафлар бўлсинки, адлия бошқармасининг ушбу даъво ариза қаноатлантирилиб, қўшимча 150 миллион сўм ва етказилган маънавий зарар суммаси тўлиқ ундирилди.
Хулоса: одам бўлиб келдик ва одам бўлиб қолайлик азизлар!
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими