Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТИ ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ – ФУҚАРО ФОЙДАСИГА 44 МИЛЛИОН СЎМ ИШ ҲАҚИ УНДИРИЛДИ


Кур ҳам ҳассасини бир марта йўқотади - деган гап бор доно халқимизда, лекин бу иборани солиқ идораларига алоқаси йўқ чоғи, йил давомида бир ташкилот томонидан айнан бир хил қонунбузилиш ҳолатларига такрор ва такрор йўл қўйилганлигига, масъул ходимларнинг лоқайдлиги натижасида давлат бюджетига зарар етказилганлигига гувоҳ бўлдик.
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан фуқаро О.Х.нинг ишдан бўшаган бўлсада, туман давлат солиқ инспекцияси (кейинги ўринларда – инспекция деб юритилади) томонидан меҳнат дафтарчаси қайтарилмаганлигидан норози бўлиб ёзган шикояти кўриб чиқилди.
Аниқланишича, инспекциянинг 2019 йил 1 июлдаги 69-шт-сон буйруғига мувофиқ Қўшимча даромадларни аниқлаш ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўлими юридик шахслар билан ишлаш шўъбаси давлат солиқ бош инспектори О.Х. билан тузилган меҳнат шартномаси унинг аризасига биноан Меҳнат кодексининг 97-моддаси биринчи бандига асосан бекор қилинган бўлсада, унга меҳнат дафтарчаси мурожаатни ўрганиш кунига қадар қайтарилмаган ва инспекция томонидан ариза муаллифининг уй манзилига меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида хабарнома юборилмаган.
Бу ҳолат инспекциянинг кадрлар билан ишлаш шўъбаси давлат солиқ бош инспектори Д.Х.нинг адлия бошқармаси бошлиғи номига ёзган тушунтириш хати билан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 108-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.1-бандига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.
Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади (масалан: моддий жавобгар ходимни бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги учун баҳона қилиб меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса). Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув, ушбу Йўриқноманинг 2.8-бандида белгиланган тартибда бекор қилинади.
Шу билан бирга, мазкур Йўриқноманинг 3.3-бандига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатади (бошқа хатлар ҳисоботга олинмайди ва Йўриқноманинг 3.1- банди асосида иш кўрилади).
Мазкур ҳолат юзасидан адлия бошқармасининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига меҳнат дафтарчаси кечиктирилган ҳар бир кун учун ўртача иш ҳақини ва етказилган маънавий зарар суммасини ундириш юзасидан киритилган даъво аризасиаъво аризаси Меҳнат кодексининг 270-моддасида кўрсатилган муддатлар важи билан рад этилди.
Бироқ, суднинг бу ҳал қилув қарори юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти киритилди.
Судлов ҳайъатининг жорий йил 26 январдаги ажримига кўра, адлия бошқармасининг апелляция шикояти қаноатлантирилиб, фуқаро О.Х. фойдасига туман давлат солиқ инспекциясидан жами 44 миллион сўм иш ҳақи ва 5.500.000 сўм маънавий зарар суммаси ундирилди.
Ҳурматли солиқчилар қонун олдида ҳамма баробар!

 Тошкент шаҳар адлия
бошқармаси масъул ходими
Ш.Шарипов