Янгиликлар
16
Меҳнат муносабатларига масъул бўлган давлат ташкилоти бўла туриб, ўз ходимини ноқонуний равишда ишдан бўшатганлик ҳолатига чек қўйилди
Фуқаро Д.К. ишдан ноқонуний равишда бўшатилганлигидан норози бўлиб, амалий ёрдам беришни сўраган ҳолда Учтепа туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Учтепа туман адлия бўлими томонидан ушбу мурожаат ўрганилганда, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг 2021 йил 12 январдаги буйруғи билан фуқаро Д.К. билан тузилган меҳнат шартномаси ноқонуний равишда асоссиз бекор қилинганлиги аниқланди.
Хусусан, Меҳнат кодексининг 100-моддасига асосан номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт.
Бироқ, иш берувчининг ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғи Меҳнат кодекси 100-моддасининг 4-қисмига асосан деб мазкур модданинг мавжуд бўлмаган қисми кўрсатилиб ва зарур асослар кўрсатилмасдан қабул қилинган.
Бундан ташқари, фуқаро Д.К.нинг 2008 йилда куни туғилган, 14 ёшга тўлмаган фарзанди бўлишига қарамасдан, у билан меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилган.
Вахоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 март кунидаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармонининг 16-бандига кўра, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланган.
Мазкур қонун бузилиши ҳолатларидан келиб чиқиб, туман адлия бўлими томонидан фуқаро Д.К. манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига киритилган даъво аризага асосан судининг 2021 йил 17 март кунидаги хал қилув қарори билан фуқаро Д.К. ўзининг аввалги лавозимига тикланиши, унга мажбурий прогул учун 5.300.000 сўм ва моддий зарар учун 2.500.000 сўм ундириш белгиланиб, мурожаат муаллифининг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланишига эришилди.
Учтепа туман адлия
бўлими бошлиғи
О.Негматов