Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Инсон ҳуқуқлари – адлия ҳимоясида


Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан фуқаро М.Д.нинг Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг клиникаси (кейинги ўринларда – клиникаси деб юритилади) томонидан ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “ишонч телефони”га қилган мурожаатини кўриб чиқиш жараёнида қуйидагилар аниқланди.


Фуқаро М.Д. 2002 йил 30 октябрдаги 97-сон буйруқ билан клиникага 1,0 ставка ҳисобчи лавозимига ишга қабул қилинган ва у билан 129-сон меҳнат шартномаси расмийлаштирилган. 2011 йил 28 июлдаги 159-сон буйруқ билан унга 1,0 ставка бош ҳисобчи вазифаси юклатилган ва 2020 йил 26 февралдаги 97-сон буйруқ билан М.Д. 1,0 ставка бош ҳисобчи лавозимига ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 21 декабрдаги 20-2/6819-сон кўрсатма хати асосида клиника фаолиятида ўтказилган текширишда бир қатор камчиликлар аниқланганлиги важи билан М.Д. билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йил 24 декабрдаги 711-сон буйруққа биноан Меҳнат кодексининг 106-моддаси 4-бандига асосан бекор қилинган.


Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 101-моддасига кўра, ҳамда клиника жамоа шартномасига мувофиқ, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишда албатта касаба уюшмасининг розилиги талаб этилади, ушбу талабга амал қилинмаган.

Холбуки, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаш Раёсатининг 2016 йил 19 апрелдаги 2-11-сон қарори билан тасдиқланган “Касаба уюшмаси органида иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби”нинг 11-бандига кўра, масаласи кўрилаётган ходим тегишли касаба уюшмаси органи мажлисида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Касаба уюшмаси органи ходимнинг мажлисда иштирок этиши учун етарли имконият яратиши лозим. Ходим мажлис ўтказиладиган сана ва жой ҳақида олдиндан ёзма шаклда (тилхат билан топшириш ёки почта орқали юбориш йўли билан) хабардор қилиниши шарт.

Шу билан бирга, фуқаро М.Д. оилада ёлғиз боқувчи бўлиб, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор ҳамда уларнинг энг кичиги 3 ёшга тўлмаган.\


Меҳнат кодексининг 237-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

Шу билан бирга, ўша даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги 795-сон Қарори билан тасдиқланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторининг 19-бандига кўра, айрим ҳолатларда классификаторда белгиланган маълумотнинг энг паст даражасига ёки йўналишига эга бўлмаган, лекин етарли даражада амалий тажрибага эга бўлган, ўзларига юкланган лавозим вазифаларини тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажарадиган ходимлар маълумотнинг тегишли даражасини ёхуд маълумотнинг бошқа йўналишини талаб қиладиган лавозимга қабул қилиниши мумкин, агар қонунчиликда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида М.Д. 18 йилдан буён давлат ташкилотларида ҳисобчи ва бош ҳисобчи лавозимларида фаолият юритганлиги маълум бўлди.

Шунга кўра, адлия бошқармаси томонидан фуқаро М.Д.нинг манфаатини кўзлаб клиниканинг 2020 йил 24 декабрдаги 711-сон буйруғини бекор қилиш, М.Д.ни аввалги лавозимга ишга тиклаш, мажбурий прогул учун ўртача иш ҳақи ва етказилган маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво ариза киритилди ва суднинг жорий йил 2 апрелдаги ҳал қилув қарорига кўра, адлия бошқармасининг даъво аризаси қаноатлантирилиб, 2020 йил 24 декабрдаги 711-сон буйруқ ноқонуний деб топилиб бекор қилинган ва М.Д. аввалги лавозимига тикланди ҳамда мажбурий прогул учун 10 000 000 сўм иш ҳақи ва 3 000 000 сўм миқдорида етказилган маънавий зарар суммаси ундирилган.


Фуқаро М.Дадабоева такроран адлия бошқармасига ғайриқонуний бўшатилганлиги бўйича жорий йилнинг июль ойида мурожаат қилган.

Суднинг 2021 йил 2 апрелдаги ҳал қилув қарорига кўра, М.Дадабоева аввалги ишига тикланган, шунингдек, клиниканинг 2021 йил 8 июндаги 356-сон буйруғига биноан у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмин 4-бандига асосан такроран бекор қилинган.

Мазкур буйруқда М.Дадабоевага нисбатан Жиноят кодексинин 167-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилганлиги асос қилинган. Ваҳоланки, Жиноят процессуал кодексининг 23-моддасига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

Фуқаро М.Дадабоевани айбдорлиги тасдиқловчи суд ҳукми бўлмасада, клиника томонидан у билан тузилган меҳнат шартномаси (такроран) ғайриқонуний равишда бекор қилинган.

Шунга кўра, фуқаро М.Дадабоеванинг мурожаатига кўра, унинг манфаатини кўзлаб клиниканинг 2021 йил 8 июндаги 356-сон буйруғини бекор қилиш, М.Дадабоевани аввалги лавозимга тиклаш мажбурий прогул ва етказилган маънавий зарар суммасини ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво ариза киритилган ва суднинг 2021 йил 28 сентябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво ариза тўлиқ қаноатлантирилган ва М.Дадабоева фойдасига мажбурий прогул ҳамда етказилган маънавий зарар учун 11 000 000 сўм ундирилган.

Фуқаро М.Дадабоеванинг мурожаатларини кўриш натижасида жорий йил январь ойида Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига киритилган маъмурий таклифга кўра, Бош бошқарманинг 2021 йил 15 февралдаги қарорига биноан клиника бош шифокори А.Джалилов МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилган ва унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида жарима тайинланди.


Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 148-моддасига кўра, била туриб, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Юқоридагиларга кўра, мазкур ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганлиги туфайли Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 148-моддасига асосан жиноят иши қўзғатиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида Тошкент шаҳар прокуратурасига жиноий таклиф киритилди.



Тошкент шаҳар адлия бошқармаси
масъул ходими
Мавлуда Бобораимова