Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш йўлида


Тошкент шаҳар Адлия бошқармасида «Аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда давлат органларининг роли» мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Низомга мувофиқ давлат органлари, жамоат ташкилотларининг жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот ишларининг самарали мувофиқлаштирилиши вазифаси адлия органлари зиммасига юклатилган. Шу муносабат билан жойларда олиб борилаётган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот ишлари бўйича ҳисобот тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ўтказилган тадбирда пойтахтимиздаги давлат органлари, жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг масъул ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

— Бугунги кунда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам, ҳаракатга келтирувчи кучи ҳам ҳар томонлама юксак маънавиятли, мустаҳкам иродали ёш авлодни Юртбошимиз таъкидлаганидек, ҳеч кимдан кам бўлмаган, аждодларимизга муносиб авлод қилиб тарбиялашга қаратилгандир, — дейди Тошкент шаҳар Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бош мутахассиси Замира Азимбаева. — Ўтказилган мазкур семинарда ҳам вояга етмаган ўқувчи-ёшларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини, шу билан бир қаторда жамиятда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида келгусида амалга оширишимиз лозим бўлган вазифалар, ҳамкорликдаги тадбирларни келишиб, муҳокама қилиб олинди. Энг қувонарлиси шуки, бугунги кунда баркамол авлод тарбиясида ҳамкор ташкилотларнинг ўрни, биргаликдаги бир болага етти қўшни ота-она деган шиор остида фаолият олиб бориши ҳам ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Биргина Тошкент шаҳар Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасаларида ҳар жума куни ўтказилаётган маънавият соатларида, ахборот соатларида ёшларга оммавий маданиятнинг салбий таъсирлари, шу билан бир қаторда Интернетнинг ижобий ва салбий жиҳатларини тушунтириш, ўқувчиларни турли хил оқимлардан ҳимоя қилиш, уларнинг тўғри йўл танлашлари учун шароит яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад — демократик ҳуқуқий давлат қуришда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари жадал қадам қўйиларкан, энг аввало мамлакатимиз аҳолиси, айниқса ёшларнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш борасида жойларда кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан бир қаторда тарғибот ишларини ягона тизим асосида мувофиқлаштириш ҳам лозимдир.

Семинар доирасида турли мутасадди ташкилотлар томонидан ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар юзасидан маърузалар тингланди. Йиғилганлар ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдиришди.