Янгиликлар
Ўн икки йиллик таълим кафолатлари
Адлия вазирлиги тизимидаги Тошкент юридик коллежида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида “Ўн икки йиллик таълим кафолатлари” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, фарзандларимизнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг муҳими, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита раҳнамолигида вояга етмаганлар ва ёшлар тарбияси, уларнинг маънавиятини юксалтириш соҳасидаги ислоҳотларни ҳаётимизнинг бошқа соҳалари билан ўзаро чамбарчас боғланган, тизимли стратегияси белгилаб олинди. Вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ташкилий-ҳуқуқий асослар, қонуний негизлар тўла шакллантирилди.
Анжуманда қайд этилганидек, бола томонидан аввал умумтаълим мактабида, кейинчалик эса касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда мажбурий равишда илм олиш давлат таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бепул умумий ўрта ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Шуниси эътиборга сазоворки, бундай ижтимоий-иқтисодий таълим олиш кафолатлари ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам кам учрайди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда барпо этилган, ўзаро узвий боғланиб, бир-бирини тўлдирадиган, уч босқичдан иборат узлуксиз таълим тизимини – бу умумтаълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўладими, олий таълим соҳаси бўладими – буларнинг барчасини ягона бир ғоя, умумий бир мақсад бирлаштириб турганини ҳаммамиз яхши англаймиз. У ҳам бўлса, жондан азиз фарзандларимизни жаҳон илм-фани чўққиларини забт этган, чуқур билим ва ўз мустақил фикрига эга бўлган етук инсон ва мутахассислар этиб тарбиялаш, барча куч ва имкониятларимизни шу йўлда сафарбар этишдир, десак, олдимизда турган буюк вазифанинг маъно-мазмунини ифода этган бўламиз.
Юртимизда амалга оширилаётган таълим моделининг асосий хусусияти аввало шундаки, умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар кейинги 3 йил давомида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олиб, уларнинг ҳар бири умумтаълим фанлари билан бирга меҳнат бозорида талаб қилинадиган 2-3 та мутахассислик бўйича касб-ҳунарни ҳам эгаллайди. “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусида ўтган йили пойтахтимизда ўтказилган халқаро конференция иштирокчилари ҳам мамлакатимизнинг бу борадаги тажрибасига юқори баҳо бердилар.
Сўзга чиққанлар мажбурий бепул 12 йиллик таълим тамойилининг ҳуқуқий асосларини ташкил этиш мақсадида зарур қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база шакллантирилганлигини аниқ мисоллар орқали тушунтириб бердилар. 2013-2014 ўқув йилларида мамлакатимиз бўйича 9-синфни тамомлаган, яъни 533 мингдан ортиқ ёшлар академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан қамраб олинди.
Тошкент юридик коллежининг ёш ҳуқуқшунослари Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ота-оналар болаларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгар эканликларини, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганликлари учун жавобгарлик белгиланганлигини ўзларининг ҳуқуқий билимлари доирасида таҳлил этдилар.
Анжуманда 12 йиллик мажбурий таълим биринчи навбатда ўқувчиларнинг манфаатларига хизмат қилиши, мажбурий умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ёшларга нафақат бепул ҳунар ўрганиш ва зарур малакага эга бўлиш имконини беради, балки ёшларни ижтимоий муҳофазасини давлат томонидан ҳимояланишини янада кучайтириши қайд этилди.