Янгиликлар
Тадбиркорлик фаолиятининг конституциявий кафолатлари
Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. 53-модда
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини таъминлаш, унинг қонунчилик базасини шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида иқтисодиётни барқарор юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг асосий манбаи бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.
Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси, тадбиркорлик субъектлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тижорат банклари, хизмат кўрсатувчи идоралар ҳамкорлигида “Тадбиркорлик фаолиятининг конституциявий кафолатлари” мавзусида ташкил этилган тадбирда ана шулар хусусида сўз юритилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг изчил ривожланишини таъминлаш орқали мамлакатимизда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий суянчи ва таянчи бўлган ўрта синфнинг шаклланишига ва унинг тобора тараққий этиб боришига эришилмоқда.
Сўзга чиққанлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодий фаолиятнинг энг самарали мулк шаклларидан бири бўлиб, тез ўзгариб турадиган бозор талабларига мослашувчан, замонавий ишлаб чиқариш тузилмаларини шакллантира олиш каби афзалликларга эга эканлигини, шу боис, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан хусусий секторни ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини қайд этишди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларидан бири бўлиб, давлатимиз томонидан уларнинг бу ҳуқуқларини амалга оширилиши юзасидан барча имконият ва ҳуқуқий кафолатлар яратиб берилмоқда. Айни вақтда ишбилармонликни янада ривожлантириш, фуқароларнинг тадбиркорликка оид муносабатларда фаол иштирок этишлари учун уларнинг иқтисодий тафаккури ва ҳуқуқий дунёқарашини замон талабларига мос равишда шакллантириш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билишларига эришиш, ўзини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қила оладиган шахс сифатида фаолият кўрсатиши ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Адлия органлари нафақат бу борадаги қонун ижодкорлиги жараёнида бевосита иштирок этади, балки уларнинг ижроси учун ҳам масъул саналади. Тадбиркорликни ҳуқуқий таъминлаш ва ривожлантиришнинг самарадорлигини ошириш, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг амалда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, ишбилармонларга унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказишга доимий эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, бу борада адлия органлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 4 минг 200 дан ортиқ тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувлар бўйича мурожаатларни қабул қилишни такомиллаштириш мақсадида Адлия вазирлигининг интернетдаги веб-сайтида алоҳида “Тадбиркор мурожаати” саҳифаси яратилди.
Кўриб чиқилган мурожаат натижаларини, шу жумладан тегишли ташкилотларнинг жавобларини вазирликнинг расмий веб-сайти “Мурожаатлар натижалари” бўлимига жойлаштириш амалиёти йўлга қўйилган, бу эса мазкур йўналиш фаолияти очиқлигига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш бўйича қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ўрганилиб, уни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Ўзаро жонли мулоқот асосида иштирокчилар тадбиркорлик субъектлари фаолияти кафолатларини таъминловчи қонунчилик имтиёзлари ва кафолатлар, солиқ ва божхона ҳужжатларини расмийлаштиришдаги қулайликлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.