Янгиликлар
Бош Қомусимиз - 20 ёшда
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг кенг нишонланиши ўзбек халқининг озодлик, эркинлик ва демократик, ҳуқуқий жамият қуриш йўлидаги тантанасидир. Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, ёшлар иштирокида “Бош Қомусимиз - 20 ёшда” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Маълумки, Асосий Қонунда мамлакатимизда жамият ва давлат қурилишининг принциплари аниқ ифодалаб берилиб, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши энг муҳим тамойил сифатида белгиланган.
Анжуман иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, мустақил Ўзбекистон Конституцияси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарди. Шу боис ҳам инсон манфаатларини кўзлаш, унинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини тўлиқ қондириб бориш, эркин яшаш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда муҳофаза қилиш Конституциянинг бош мақсадидир.
Бош қонунимиз халқаро ҳамжамият томонидан энг инсонпарвар, энг халқчил ва энг демократик Конституция сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси нормаларини тўлалигича қамраб олганлиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Сўзга чиққанлар, Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидан босқичма-босқич собитқадамлик билан бораётганлигини, ўтган йигирма йил давомида мустақил давлатчилигимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий негизлари яратилганлигини аниқ мисоллар орқали қайд этишди.
Ўзбекистон Конституцияси туб моҳияти, фалсафаси ва мақсадига кўра, инсон ҳуқуқ-манфаатлари ва унинг эркинликлари давлат манфаатларидан устун, деган ҳаётбахш ғояни ўзида мужассам этган. Шу асосда унда “фуқаро – жамият – давлат” муносабатларининг оқилона ечими кўрсатилган.
Буларнинг барчаси собиқ тузум давридаги “давлатга ва ягона мафкурага қарамлик”, “барча нарса давлатники”, “давлат манфаати - халқ манфаати” деган қарашлардан мутлақо фарқли, янги демократик тузум ўрнатилгани ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётганидан далолатдир.
Конституциямиз асосини давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ривожланишнинг машҳур беш тамойилини ўз ичига олган “ўзбек модели” ташкил этади. Уларга кўра, мамлакатимизда иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги ва қонун устуворлиги таъминланди, кучли ижтимоий сиёсат олиб борилмоқда, барча ислоҳотлар босқичма-босқич, изчил амалга оширилаётир. Конституциямизга мувофиқ, Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи халқ бўлиб, давлат халқнинг иродасини ифодалайди ва унинг манфаатларига хизмат қилади.
Миллий менталитетимизга мос ярашув институти жорий этилгани инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш ва унинг манфаатларини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Қарийб 5 йил аввал мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилинганлиги халқаро ҳамжамиятнинг катта эътирофига сазовор бўлди.
Анжуманда конституция асосида мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар, сайлов тизимини такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Тадбир юртни, инсонни тараннум этувчи куй-қўшиқларга уланиб кетди.