Янгиликлар
Тараққиётнинг ҳуқуқий кафолати
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги муносабати билан Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини ҳудудларда кенг тарғиб қилиш бўйича Адлия вазирлигининг “Тарғибот гуруҳи” томонидан республикамиз бўйлаб кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
“Бахтимиз қомуси ва ободлик дастури” мавзусида Тошкент шаҳар адлия бошқармаси, ҳокимлик, нодавлат ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Конституциямиз асосида ўтган йиллар мобайнида ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Конституциямиз — жамият таянчи ва юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий кафолати, давлатимиз мустақиллигининг ёрқин рамзи, кўп миллатли халқимиз хоҳиш-иродасининг қонуний ифодаси ҳисобланади. Буни мазкур ҳужжатнинг биринчи моддасидан охиригача инсон ҳуқуқ ва эркинлари, қонуний манфаатлари, Ватан равнақи ва жамият тараққиётига хизмат қилиб келаётган умумбашарий ғоялар сингдирилганида ҳам кўриш мумкин. Асосий Қонунимизда буюк неъматлар орасида энг улуғи – “инсон учун” деган ғоя илгари сурилиб, уни улуғлаш, унинг эркин камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ўз аксини топган. Шу асосда “фуқаро-жамият-давлат” ўртасидаги изчил ҳамкорликнинг ҳуқуқий ечимига асос солинган.
Тадбирда Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган Давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳам инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги, айни дамда, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, саховат каби ўлмас қадриятларининг янада улуғланиши мамлакатимиз юксалишига замин бўлаётганлиги таъкидланди.
Агар йилларнинг номларига эътибор берсак, уларнинг барчаси замирида халқимизнинг ижтимоий турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган яратувчанлик ғоялари сингдирилганлигига гувоҳ бўламиз. Энг муҳими, эълон қилинган ҳар бир йилда Давлат дастури қабул қилиниб, кенг миқёсдаги амалий ишларнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинади.
Шу жиҳатдан жорий йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши ҳам халқимизнинг бунёдкорлик ишлари кўламини янада кенгайтириш, обод манзиллар сафини кўпайтиришга хизмат қилмоқда. Обод турмуш деган тушунча азал-азалдан халқимизнинг онгу тафаккурида авваламбор фаровонлик, тўкин-сочинлик, мўл-кўлчилик, қут-барака деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда халқ фаровонлиги тушунчаси, Ватан равнақи ва юрт тинчлиги деган, биз учун энг азиз ҳамда муқаддас бўлган қадриятлар миллий ғоямизнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда.
Сўзга чиққанлар “Обод турмуш йили”да ёш оилаларнинг, унда вояга етаётган фарзандларнинг баркамоллигини улуғлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш борасида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш борасида миллий қонунчилигимиз ҳам такомиллаштирилганлигини эътироф этишди.
Фуқароларнинг турмуш даражасини белгилашда уларнинг даромади, зарур инфратузилманинг мавжудлиги, шунингдек, обод ва замонавий уй – жойлар билан таъминлангани ҳам муҳим мезон ҳисобланади. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган кўплаб янги уй – жой массивлари барпо этилмоқда. «Ободлик кўнгилдан бошланади» деган чуқур мазмунли ибора халқимизни бунёдкорлик туйғуси билан яшашга даъват этиб келаётганлигини қишлоқларимиз қиёфасининг кун сайин ўзгариб бораётганлигида кўришимиз мумкин.
Тадбир ёшларнинг маданий – маърифий чиқишлари билан янада файзли ўтди. Унда Бош қонунимиз асосида турли соҳаларда эришилган улкан ютуқлар, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, юрт тинчлиги ҳамда Ватан ободлиги мавзулари тараннум этилди.