Янгиликлар
Буюк аждодларга муносиб эҳтиром
Истиқлол йилларида мамлакатимизда буюк аждодларимизнинг азиз номларини қайта тиклаш, улар меросни асраб-айлаш ва келажак авлодларга етказиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу эса халқимизнинг ўлмас қадриятларга, буюк аждодларимиз қолдирган илмий адабий меросга бўлган юксак ҳурмат-эътиборнинг ёрқин тимсолидир. Бунда буюк меросини тиклаш, уларни асраб-авайлаш ва ёшларга етказиш миллий қадариятларимиз асосини ташкил этмоқда.
Миллатимиз номини улуғлаган буюк аждодларимиз ҳақида сўз борар экан, йирик ўзбек адиби, тарихчи, давлат арбоби, етук саркарда, шоҳ ва шоир, Бобурийлар салтанати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини фахр билан эътироф этамиз.
Адлия вазирлиги тизимидаги Тошкент юридик коллежида мазкур сана муносабати билан “Буюк аждодларга муносиб эҳтиром” мавзусида илмий амалий анжуман ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, халқимизнинг илмий-тарихий меросини чуқур ўрганиш ва ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш, уларда буюк анъаналарга нисбатан ҳурмат туйғусини уйғотишга кўмаклашиш устувор мақсадлардан саналади.
Шоир яратган асарларда миллат тақдири, бирлиги, эл-юрт қайғуси, юртни ободонлаштириш, илм, санъат ва адабиётни ривожлантириш масалалари кенг ёритилган. Бундан ташқари, бебаҳо асарларда Ватанга муҳаббат, меҳнатга садоқат, ахлоқий юксакликка интилиш, гўзаллик ва мурувват, меҳр-шафқат, шахс эркинлиги, ижтимоий адолат учун кураш ғоялари ҳам акс эттирилган. Шу жиҳатдан ҳам инсониятнинг абадиятга мансуб буюк фарзандлари сафида бу йил таваллудининг 531 йиллиги нишонланаётган улуғ зот ўзининг ўлмас асарлари билан адабиёт гулшанида муносиб ўрнига эга.
Олим ва ёзувчиларимизнинг изланишлари натижасида, Бобур шахси ва ижодининг ўрганилмаган жиҳатлари ва очилмаган қирралари дунё нигоҳида намоён бўлди. Унинг ҳаёти ва ижоди неча йиллар ўтсада авлодлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Даврлар ўтгани сайин буюк аждодимиз қолдирган маънавий мероснинг қадр-қиммати янада ошиб бормоқда. Унинг асарларини ўқиб, темурийлар даври маданий ва ижтимоий ҳаётидан, ўша давр жаҳон халқлари тарихидан хабардор бўламиз.
Анжуманда сўзга чиққанлар, буюк шоир ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг дунё маданияти тарихида тутган ўрни, сиёсат бобидаги маҳорати ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Унинг маънавий мероси ва алломага бағишланган қатор адабиётлар бугунги кунда ёшларимиз учун ажойиб қўлланма бўлиб хизмат қилаётганини қайд этишди.
Тадбирда коллеж ўқувчилари томонидан “Бобур ижодида адолат ғояси” мавзусида бадиий чиқишлар, саҳна кўринишлари намойиш этилди.