Янгиликлар
ННТларнинг ҳуқуқий асослари
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш тизимли изчил такомиллаштириб борилмоқда.
ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари ролини ошириш демократик фуқаролик жамиятини барпо этиш сари қўйилган эзгу мақсадларимизнинг амалга ошишида ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Тошкент шаҳар адлия бошқармасида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари” мавзусида ўтказилган анжуманда ҳам юқоридаги фикрлар таъкидланди.
Тадбирда жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият юритувчи жумладан, аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол ривожланиши ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи 60 дан ортиқ ННТлар вакиллари иштирок этдилар.
Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришни янада чуқурлаштиришда ННТ фаолияти билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг мазмун моҳиятини тушунтириш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборатдир.
Таъкидланганидек, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий эхтиёжларини қондириш ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада ошириш борасида ўтган давр мобайнида мамлакатимизда 200 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган.
Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш механизмининг етарли даражада ташкил этилганлиги анжуман қатнашчилари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бугунги кунда ННТлар давлат ва жамият ривожланишида, ижтимоий фойдали вазифаларини амалга оширишда муҳим рол ўйнамоқда.
“Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятлари кафолатлари тўғрисида” ги ва “Ҳомийлик тўғрисида” ги қонунларнинг қабул қилиниши “Учинчи сектор”ни мустаҳкамлаш орқали ижтимоий ҳамкорлик қилишни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Тадбирда давлат бюджетидан ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағларнинг унумли сарфлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида “ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди” ва фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент Комиссияси ташкил этилганлиги уларнинг иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётганлиги қайд этилди. 2008 - 2012 йиллар мобайнида давлат бюджетидан Жамоат фондига 22,4 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси таркибига депутатлар, сенаторлар, адлия, молия вазирликлари ва ННТ вакиллари киритилган. Анжуман қатнашчилари томонидан ўтган давр мобайнида фуқаролик жамияти институлари иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган бу каби хайирли ишлар аниқ мисоллар орқали таҳлил этилди.
Анжуманда муҳокама қилинган барча масалалар бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.