Янгиликлар
Имтиёз ва кафолатлар муҳокамаси
Тошкент шаҳрини комплекс ривожлантириш, саноат салоҳиятини ошириш, хизматлар ҳажмини янада кўпайтириш юзасидан ишлаб чиқилган дастурларни бажариш, белгиланган янги иш ўринларини яратиш бўйича Мирзо Улуғбек туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Адлия вазирлиги томонидан, тижорат банклари, хизмат кўрсатувчи идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган бевосита мулоқотда иштирок этган тадбиркорлар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқароларга мавжуд имкониятлар, имтиёз ва кафолатлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қулай шароитлар яратиш, уларни рағбатлантириш масалалари иқтисодий ислоҳотларнинг асосини ташкил этади. Мазкур соҳанинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини иқтисодиётимизнинг таркибида бўлаётган кенг кўламли ижобий ўзгаришлардан ҳам яққол кўриш мумкин.
Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда иқтисодиётни ривожлантиришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда тадбиркорлик ҳал қилувчи аҳамият касб этиб бормоқда. Бугун мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 55,8 фоизи айни шу соҳада ишлаб чиқарилаётганлиги, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келаётганлиги ҳам бунинг яққол далилидир.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил якунларига бағишланган мажлисидаги маърузасида алоҳида эътироф этганидек, фақат ўтган йилнинг ўзида рухсат беришга оид 80 дан ортиқ тартиб-таомил, лицензияланадиган фаолият турларининг 15 таси, 65 турдаги статистик ҳисоботлар, 23 турдаги ҳисоботни тақдим этиш муддатлари қисқартирилди, зарур рухсатномалар бериш муддати 2 марта ва мазкур жараёнлар учун харажатлар қиймати 5 марта, рухсатнома олиш жараёнида тўланадиган харажатлар эса 8 баробар камайтирилди.
Бу чора-тадбирлар натижасида, аввало, тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш тартиби осонлашди. Адлия вазирлиги томонидан ўтган йилнинг ўзида ушбу йўналишда манфаатдор идоралар ҳамкорлигида 56 танорматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари, бу борадаги қонун ҳужжатларига 30 га яқин ўзгартиш ва қўшимчлар киритиш юзасидан зарур таклифлар ишлаб чиқилди.
Тадбирда тадбиркорлик фаолиятига аҳолини янада кенгроқ жалб этиш устувор вазифа этиб белгиланганлиги қайд этилди. Шу жиҳатдан янги иш ўринларини ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Жумладан, 2013 йил давомида туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра 16 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Яратилган қулайлик натижасида тадбиркор сифатида рўйхатга олинган субъектлар сони сезиларли даражада кўпайиб бормоқда. Буни 2012 йил билан таққослаганда, 2013 йилда бундай субъектлар сони 663 тага кўпайганлигини кузатиш мумкин.
Ушбу мақсадда мутасадди идоралар, тижорат банклари ва маҳалла раислари билан ҳамкорликда тадбиркорлар, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга хоҳиши бўлган фуқаролар билан доимий учрашувлар ташкил этилмоқда. Ўтган давр мобайнида ўтказилган учрашувларда тадбиркорлар томонидан билдирилган 350 дан ортиқ турли муаммоли масалалар ечими юзасидан манфаатдор идораларнинг зарур тадбирлари белгилаб олиниб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Ўзаро ишчанлик ҳамда жонли мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда тадбиркорлик субъектларига қурилиши тугалланмаган ва бўш турган объектлар, кам қувватда ишлаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига янги иш ўринларини яратишга қаратилган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш, уй меҳнатининг барча шаклларини ҳамда бозор инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлашни кенгайтириш, тадбиркорлар учун янги тавсиявий бизнес лойиҳаларини амалга оширишда банкларнинг бу борадаги кредит имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.