Янгиликлар
Баркамол соғлом авлодни камол топтириш
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Хотин-қизлар қўмитаси, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида “Соғлом бола йили” ҳамда Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан “Баркамол соғлом авлодни камол топтиришда аёлларнинг роли” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Унда соғлом бола тарбиясида аёлларнинг ўрни, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини таъминлашда қонунчилик асослари, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишда давлат ҳамда нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги каби бир қатор масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Анжуманда қайд этилганидек, инсоният тарихи шундан далолат берадики минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан кейинги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги биринчи қадамларидан бири бу -БМТнинг “Аёлларга нисбатан камситишнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш тўғрсида”ги Конвенциянинг 1995 йилда ратификация қилиниши бўлди. Бош Қомусимизда Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари аниқ белгилаб берилган бўлиб, Оила кодексида уларнинг оилавий ҳуқуқлари, Фуқаролик кодексида ҳар бир инсоннинг меросга ворислик ва бошқа ҳуқуқлари, Меҳнат кодексида эса хотин-қизлар меҳнатига оид ижтимоий кафолат ва имтиёзлар атрофлича ёритилган.
Сўзга чиққанлар алоҳида эътироф этишганидек, Ўзбекистон давлати таълим сохасида, шунингдек гендер тенгликда, соғлиқни сақлаш, яъни аёлларга ғамхўрлик қилиш билан боғлиқ масалаларда катта ютуқларга эришди.
Адлия органлари ва муассасалари томонидан ҳам давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган турли нохуш ҳолатлар, оилавий ажримлар ҳамда уларни олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, Жумладан, фуқаролик жамияти қуриш жараёнида оилалар мустаҳкамлигига таҳдид солаётган, хотин-қизлар орасида учраётган салбий ҳолатлар комплекс тарзда ўрганилиб, уларни келтириб чиқараётган омилларнинг олдини олиш ҳамда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинган. Шунингдек, ФҲДЁ бўлимлари ходимлари, хотин-қизлар қўмиталари, соғлиқни сақлаш, маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғини раислари, маҳаллалардаги диний маърифий ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ҳамкорликда ёш оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш, оилада соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини янада кучайтириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини, билим ва малака даражасини ошириш, уларнинг жамият ҳамда давлат бошқарувидаги ислоҳотларда фаол иштирок этиши учун ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида бир қатор мавзуларда жойларда амалий учрашувлар, ҳуқуқий маърифат кунлари ташкил этилмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар аввало инсон унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқарилиши учун хизмат қилмоқда. Бунда фаол аёлларимизнинг кенг жабҳадаги ислоҳотларга қўшаётган ҳиссаларини яна бир бор эътироф этиш ўринлидир.
Анжуманда аёлларни иш билан таъминлашда кичик бизнесни, яъни аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш, касаначилик фаолиятини кенг йўлга қўйиш орқали аёлларнинг ўз меҳнатига бўлган қизиқиши, моддий манфаатдорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги, баркамол авлодни камол топтиришда оиланинг ролини кучайтириш, “Соғлом бола йили”да бу борадаги тадбирларни давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида тизимли йўлга қўйишга қаратилган бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.