Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

Соғлом бола камолотининг асоси


Мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, шу орқали жамиятда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида 1-Тошкент педагогика коллежида, “Соғлом бола йили”га бағишлаб “Соғлом бола камолотининг асоси” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Анжуманда таъкидланганидек, соғлом фарзанд маънан соғлом оилада дунёга келиб, унинг бағрида камол топади. Соғлом ва аҳил оила қуриш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга интилишни рағбатлантиришдек эзгу ишлар замирида, аввало, баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассамдир. Бироқ, хойи-ҳавасга учиб ёшларнинг эрта турмуш қуриши жамиятнинг асосий бўғини саналган оила учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Ана шундай салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида адлия органлари томонидан, хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда жойларда “Эрта турмушнинг салбий оқибатлари”, “Оила ва никоҳ”, “Соғлом оилада соғлом фарзанд”, “Соғлом турмуш асослари”, “Соғлом авлод келажаги”, “Саломатлик дарслари” каби тадбирлар ташкил этилмоқда.

Айниқса, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари қошида ташкил этилган “Ёш оила қурувчилар мактаби” машғулотлари соғлом оилани шакллантириш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу машғулотларда шифокорлар, ҳуқуқшунослар, маҳалла фаоллари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари ёшларга никоҳгача тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, соғлом турмуш тарзи бўйича зарур маълумотларни бермоқдалар. Хусусан, ўтган йилда адлия органлари томонидан “Ёш оила қурувчилар мактаби”нинг 13 мингдан ортиқ машғулотлари ўтказилиб, ушбу тадбирларда қарийб 600 мингга яқин ёшларнинг иштироки таъминланди.

Сўзга чиққанлар, “Соғлом бола йили” Давлат Дастурида аввало ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилганлигини, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаб бориш, жамиятда ўзларига муносиб ўрин топишида кўмак бериш, ёш оилаларнинг тарбияси борасида барчанинг масъул эканлигини қайд этишиб, бу борадаги қонунчилик такомиллашуви юзасидан иштирокчиларга атрофлича маълумот беришди.

Маълумки, ўзбек халқи азалдан фарзандлар камолини, яхши кунларини соғиниб яшайди, ўғил-қизларининг тўйини кўриш ҳар бир ота-она учун олий бахт. Аммо бу борада қонун томонидан белгиланган мавжуд ҳуқуқий меъёрларга амал қилмаслик ҳам ҳуқуқий, ҳам тиббий жиҳатдан нохуш ҳолатларни келтириб чиқаради. Хусусан, 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ўзбе­кистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ никоҳ ёшига амал қилмасликка қарши қатъий чоралар кучайтирилди.

Тадбирда бу борада ота-оналар масъулиятини ошириш, тарғибот тадбирларини янада кенгайтириш, ёш оила қурувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда миллий қадриятларимизга таянган ҳолда узоқ йиллар давомида сермазмун оила қуриб ёшларга ибрат бўлаётган кексаларимизнинг оила ўгитларидан фойдаланишга алоҳида аҳамият қаратиш жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оила мустаҳкамлиги ва фаровонлиги, унда соғлом болалар камолотини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.