Янгиликлар
Ватанни севиш, асраш – муқаддас бурч!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 14 ноябрдаги “Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармойишида белгиланган вазифалар асосида, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан Юнусобод туман ҳокимлиги, ҳамкор ташкилотлар ҳамда ҳарбийлар иштирокида Ўзбекистон тарихи Давлат музейида “Ватанни севиш, асраш – муқаддас бурч!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирни бевосита музейда ўтказилишининг ҳам ўзига яраша сабаби бор, зеро, тарихий хотирасиз келажак йўқ, маънавиятни юксалтириш борасидаги кенг кўламли ишлар намойишига айланган мазкур музей эса ҳарбийларимиз учун ҳам улкан аждодларимизнинг буюк қаҳрамонликларини ўзида жамлаган тарбиявий маскан саналади.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз Қуролли Кучларида ўтказилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматнинг аҳамияти ва нуфузи юксалди. Ҳарбий хизмат ёшлар учун нафақат конституциявий бурчни адо этиш, шу билан бирга, миллий хавфсизликнинг таркибий қисми сифатида шарафли ва масъулиятли ишга айланди. Зотан, мустақил Ватанни, халқимизнинг тинч ҳаётини ҳимоя қилишдан муҳим ҳамда масъулиятли вазифа йўқ.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўтган давр мобайнида “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва резервидаги хизмат тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонунлар қабул қилиниб, улар миллий армиямизнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бугунги кунда миллий армиямиз жаҳон ҳарбий салоҳиятининг энг илғор тажрибаларини, жанговар анъаналаримизни ўзида мужассам этган.
Сўзга чиққан ҳуқуқшунослар ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар, ҳарбий хизматчиларнинг ҳар томонлама ижтимоий муҳофаза қилиниши, ўз навбатида, ёшлар ўртасида ҳарбий хизматга бўлган қизиқиш, Қуролли Кучларимизнинг нуфузини янада оширишга хизмат қилаётганлигини таъкидладилар.
Маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон тарихи Давлат музейининг ташкил этилиши ва унинг фаолияти ҳақида ҳам сўз юритилди. Мазкур музей йирик илмий – маърифий марказлардан ҳисобланиб, унинг жамғармасида кўплаб тарихий экспонатлар мавжуд. Улар орасида нумизматика, археология, тангашунослик ва этнографияга оид қимматли жамланмалар бор.
Ўзбекистон тарихи Давлат музейининг янги экспозицияси Ўзбекистон ҳудудида тарихий-маданий жараёнларнинг энг қадимги даврлардан бошлаб ҳозирга қадар бўлган тараққиётини ашёвий далиллар ва тасвирий воситалар орқали намойиш этишга қаратилгандир. Умумий сатҳи қарийб икки минг квадрат метр бўлган бинонинг учинчи ва тўртинчи қаватдаги экспозицияда ўзбек давлатчилигининг шаклланиши тарихи, ўзбек халқининг бой анъаналари ва маданияти ифода этилган.
Аскарлар мазкур музей тарихи ва ривожланишини ўзида акс эттирган янги экспонатлар ва уни бойитиш борасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар.
Таниқли шоирларнинг Ватан ва унинг ҳимоясига шайланган мард ўғлонлар ҳақидаги шеърлари, у асосдаги куй-қўшиқлар тадбирга янада файз киритди.