Янгиликлар
Фарзандликка олиш ва никоҳ масалаларидаги амалиёт
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ва манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида “Фарзандликка олиш ва никоҳ масалаларидаги амалиёт” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Ҳар бир инсон оилада дунёга келади, оилада ўсиб улғаяди ва камолга етади. Шунинг учун оилани ҳар қанча авайлаб асрасак, улуғлаб ардоқласак арзийди. Фуқаролик жамиятининг бунёдкорлари ва келажак эгалари бўлган ёшлар ҳам оилада дунёга келиб, камолга етадилар. Аҳолиси 30 миллион кишидан ошган қудратли мамлакатимиз ёшлар мамлакати, деб таърифланади. Негаки, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бинобарин, янги авлод вужудга келишида ва унинг ўсиб улғайиши ҳамда тарбияланишида оиланинг ўрни ва роли беқиёсдир. Шу боис ҳозирги даврда давлатимиз сиёсатида оила мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбияси масалалари устувор сиёсат олганлиги бежиз эмас.
Тадбирда таъкидланганидек, оила институтини янада мустаҳкамлаш, никоҳ муносабатлари маданиятини ошириш, шу билан бирга оилавий низоларнинг олдини олиш масалалари хотин-қизлар қўмитаси, ўзини-ўзи бошқариш органларининг кундалик муҳим вазифаларидан саналади. Юртбошимиз соғлом боланинг дунёга келиши, бақувват бўлиб ўсиб-улғайиши кўпгина талаб ва омилларга боғлиқлигини таъкидлаш баробарида ўта муҳим, ҳал қилувчи мезонларга алоҳида тўхталадилар. Хусусан, соғлом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг ўрни катта эканлигини яна бир бор эътироф этиб ўтадилар.
Дарҳақиқат, соғлом бола тарбиясида ота-оналар билан бир қаторда маҳалла оқсоқоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, маҳалла посбонларининг жамиятимиз ҳаётида тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ҳушёрлик ҳамда огоҳлик муҳитини мустаҳкамлашдаги масъулияти янада ортади.
Фарзанд тарбиясидаги ота-она масъуллиги кучайтирилиб бу борадаги мажбуриятлар ва бурчларини бекаму кўст бажариш мажбурлиги қонунчилигимизда белгилаб берилган. Тадбирда қонунчилигимизга асосан болаларни фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар суд тартибида кўриб чиқилиши, бундай тартибнинг ўрнатилиши эса болалар ва фарзандликка олувчиларнинг ҳуқуқлари суд томонидан ҳимоя қилинишини, фарзандликка олишнинг сир сақланишига риоя этилиши ҳамда қонун ҳужжатлари бузилишининг олди олинишини таъминлаши қайд этилди.
2013 йил 1 майда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун амалга киритилди. Мазкур қонунга мувофиқ, эрта никоҳ қуришнинг олдини олиш мақсадида, никоҳ муносабатларига киришишда қонунда белгиланган никоҳ ёшига амал қилмаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.
Эндиликда никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинади. Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахснинг никоҳга кириши энг кам ойлик иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жаримага тортилади.
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш эса энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Миллий қоннучилигимиздаги ўзгартиш ва қўшимчалар асрий анъаналар ҳамда замон талабларини ҳисобга олган ҳолда оила институтини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган бўлиб, ёш авлоднинг баркамол ривожланишини таъминлашга, болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Анжуманда шунингдек, адлия органлари ФҲДЁ бўлимлари қошида фаолият кўрсатаётган “Ёш оила қурувчилар мактаби”нинг янги мавсум тадбирларини ҳамкор идоралар иштирокида ташкил этишни кучайтириш ва унинг мавзулар кўламини кенгайтириш, машғулотларга аҳил ва ибратли оила вакилларини кўпроқ жалб этишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.