Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

ЎЗБЕК ТИЛИ – ДАВЛАТ ЭЪТИБОРИДА.


Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.
Маълумотларга кўра, дунё миқёсида 50 млндан ортиқ киши ўзбек тилида сўзлашади. Бу Ер юзида ҳар 150 кишидан бири ўзбек тилида гаплашади, деганидир. Бугун ўзбек тили дунё давлатларининг 60 га яқин университети ва 100 дан зиёд мактабида ўрганилмоқда. Жумладан, Япониянинг 8 университетида, Туркиянинг 18 , Американинг 8, Германиянинг 4 университетида ўзбек тили ўқитилади.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўзбек адабий тилини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек тили давлат тили, давлат рамзи, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи ҳамда уларни келажак авлодга етказувчи муҳим мулоқот воситаси даражасига кўтарилди.
Ўзбек тилини бойитиш ва такомиллаштиришга доир кўплаб илмий изланишлар, лойиҳалар олиб борилмоқда, турли соҳаларга оид луғатлар, илмий рисолалар мунтазам нашр этилмоқда.
Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.
Шу билан бирга, давлат тилининг мақоми ҳуқуқий асосларга ҳам эгадир. Хусусан, мамлакатимизнинг Конституциясини яратиш йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишида намоён бўлади.
1989 йилнинг 21 октябрь куни қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани истиқлол тарихининг энг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил этишини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
“Давлат тили тўғрисида”ги Қонундаги ҳуқуқий қоидалар Асосий Қонунимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деб муҳрлаб қўйилди.
Бугунги кунда ҳам она тилимизнинг нуфузини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди.
Шунингдек, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850-сон Фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 20 январдаги 34-сон қарорида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда ҳокимликлар тузилмаларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши нафақат мамлакатимизда, балки бутун жаҳонда ҳам катта эътирофга сазовор бўлди.
Шу билан бирга, “Мамлакатимизда ўзбек тилини яънада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонининг айнан байрам арафасида қабул қилиниши Ўзбекистон фуқаролари учун катта совға бўлди.
Фармонга мувофиқ, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди. Хусусан, Фармонда раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқлаш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этиш, ўзбек тилидаги мавжуд луғатлар асосида узлуксиз таълимнинг барча турлари учун ўқув луғатлари яратиш, шунингдек, ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастури яратиш каби устувор вазифалар белгилаб олинди.
Хулоса қилиб айтганда, давлатда олиб борилаётган сиёсат ўзбек тилини янада оммалаштириш каби улкан мақсадларни кўзлаган бўлиб, натижада буюк боболаримиз Алишер Навоий, Бобур, Абдулла Авлоний ва бошқалар томонидан мерос бўлиб қолган тилимизни дунё даражасида танилишига олиб келиши бегумондир.

А. А. Мухамедбаев
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси
Нодавлат нотижорат ташкилотлар
бўлими бошлиғи