Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

ҒАЙРИҚОНУНИЙ БЎШАТИЛГАН ХОДИМ ИШГА ТИКЛАНДИ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомнинг 10-банд, 11-кичик бандига кўра, адлия органлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.
Фуқаро Б.Б.нинг Бектемир тумани 1-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби раҳбарияти томонидан ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб рm.gov.uz сайти орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига йўллаган мурожаатини кўриб чиқишда қуйидагилар аниқланди.
Мактаб директорининг 2020 йил 3 августдаги 86-к-сон буйруғига мувофиқ Б.Б. билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3-бандига асосан бекор қилинган.
Фуқаро Б.Б. билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва меҳнатга оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига риоя этилмаган.
Жумладан, мактабнинг 2020 йил 10 сентябрдаги маълумотига асосан фуқаро Б.Б.га нисбатан меҳнат шартномаси бекор қилингунга қадар 1 йил мобайнида интизомий жазо чораси қўлланилмаган.
Холбуки, ходимга бир йил давомида интизомий жазо чораси қўлланилмаган бўлса, у билан тузилган меҳнат шартномасини МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 3-бандига асосан бекор қилиш мумкин эмас.
Ариза муаллифи меҳнат шартномасини бекор қилишдан аввал иш берувчи томонидан ундан тушунтириш хати олинмаганлигини ва бу масала касаба уюшмасида кўриб чиқилмаганлигини ҳамда у буйруқ билан таништирилмаганлигини билдирган. Бу ҳолат мактабнинг 2020 йил 10 сентябрдаги 01-7/1-181-сон хатида ҳам ўз тасдиғи топган.
Меҳнат кодексининг 102-моддасига асосан меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда (100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари), иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилади ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлайди.
Шунга қарамай фуқаро Б.Б.га компенсация тўланмаган.
МКнинг 101-моддасига асосан ҳамда мактабнинг 2019-2021 йилларга мўлжалланган ва меҳнат жамоасининг 2019 йил 1 апрелдаги 8-сон баёни билан тасдиқланган Жамоа шартномасининг 17-бандига асосан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши фақатгина Касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиб амалга оширилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармонининг 16-бандига асосан коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.
Фуқаро Б.Б.нинг 2015 йил 2 майда туғилган вояга етмаган фарзанди борлиги ва турмуш ўртоғи уй бекаси бўлиб, оилада ўзи ёлғиз боқувчи эканлиги маълум бўлди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан киритилган тақдимномага асосан мактабнинг 2020 йил 3 августдаги 86-к-сон буйруғи бекор қилинди ва фуқаро Б.Б. аввалги лавозимига тикланган. Мажбурий прогул кунлари учун унга ўртача иш ҳақи тўлаб берилди.
Шунингдек, мактабнинг 2020 йил 21 сентябрдаги 123-к-сон буйруғи билан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул ходим И.Ж.га нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган ҳамда айбдор мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласида Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига маъмурий таклиф киритилган.

 Тошкент шаҳар адлия
бошқармаси масъул ходими
М. Бобораимова