Bog'lanish

Telefon
(+998 71) 203-60-03

Elektron manzil
toshkent@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

ҲЕЧ БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАЙДИ!



Адлия органларининг энг муҳим вазифаларидан бири - бу фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чораларини кўришдан иборат.
Фуқаро А.А.нинг “ЎЗГАШКЛИТИ” ДУК раҳбарияти томонидан бошқа ишга ўтказилганлигидан ва ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб рm.gov.uz сайти орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига йўллаган мурожаатини кўриб чиқишда қуйидагилар аниқланди.
“ЎЗГАШКЛИТИ” ДУКнинг 2020 йил 17 августдаги “Бошқа ишга ўтказиш тўғрисида”ги 353-к-сон буйруғига асосан фуқаро А.А. ва бошқа бир қатор ходимлар Меҳнат кодексининг 95-моддасига асосан ишлаб чиқариш зарурияти туфайли 2020 йил 24 августдан вақтинчалик Навоий филиалига лавозими ва иш ҳақи сақланган ҳолда ўтказилган. Унга Навоий филиали директорининг билдиргиси асос қилиб олинган.
Бироқ, А.А. оилада ёлғиз боқувчи ва онаси билан яшашини, онасини ёлғиз қолдириб Навоий филиалига ишга боролмаслигини маълум қилиб, уни Бухоро филиалида ишда қолдиришни сўраб ариза билан мурожаат қилган ҳамда оилавий шароити ҳақида яшаш жойидаги МФЙдан тегишли далолатномани тақдим этган.
Меҳнат кодексининг 95-моддасига кўра, ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.
Ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.
Бошқа ишга ўтказиш муддатининг чегараси, меҳнатга тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдорлари, шунингдек ишлаб чиқариш зарурияти деб ҳисобланадиган ҳолатлар жамоа шартномасида кўрсатилади, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади.
Шунингдек, мазкур кодекснинг 96-моддасига асосан вақтинча бошқа ишга ўтказиш унинг муддати кўрсатилган ҳолда буйруқ билан расмийлаштирилади.
Бироқ, ДУКнинг 2020 йил 17 августдаги 353-к-сон (А.А. ва бошқа ходимларни бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги) буйруғида муддат кўрсатилмаган.
ДУКнинг Жамоа шартномаси ва Ички меҳнат тартиби қоидасига кўра, ходимнинг бўш туриб қолиши ва ишлаб чиқариш заруриятига кўра, иш берувчи вақтинча (6 ойгача) бошқа ишга ўтказиши мумкинлиги белгиланган.
Бундан ташқари, ДУКнинг 2020 йил 7 сентябрдаги 387-к-сон буйруғига мувофиқ фуқаро А.А. билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3-банди асосан бекор қилинган.
Ушбу масала 2020 йил 4 сентябрда ДУКнинг касаба уюшмаси қўмитаси томонидан кўриб чиқилган ва А.А. билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3-банди асосан бекор қилинишига розилик берилган. Бироқ, фуқаро А.А. ушбу мажлисга таклиф этилмаган ва мажлис унинг иштирокисиз ўтказилган.
Холбуки, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаш Раёсатининг 2016 йил 19 апрелдаги 2-11-сон қарори билан тасдиқланган “Касаба уюшмаси органида иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби”нинг 11-бандига кўра, масаласи кўрилаётган ходим тегишли касаба уюшмаси органи мажлисида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Касаба уюшмаси органи ходимнинг мажлисда иштирок этиши учун етарли имконият яратиши лозим. Ходим мажлис ўтказиладиган сана ва жой ҳақида олдиндан ёзма шаклда (тилхат билан топшириш ёки почта орқали юбориш йўли билан) хабардор қилиниши шарт.
Фуқаро А.А. меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ билан 2020 йил 21 сентябрда танишганлигинини билдирган.
ДУК томонидан А.А.га меҳнат дафтарчасини олиб кетиш ҳақида шу кунга қадар хабарнома юборилмаган, бу ҳолат ариза муаллифи билан ўтказилган суҳбат жараёнида ўз тасдиғини топган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 108-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.1-бандига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.
Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади (масалан: моддий жавобгар ходимни бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги учун баҳона қилиб меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса). Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув, ушбу Йўриқноманинг 2.8-бандида белгиланган тартибда бекор қилинади.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 2020 йил 2 октябрда киритилган тақдимномага асосан “ЎЗГАШКЛИТИ” ДУКнинг жорий йил 7 сентябрдаги 385-сон буйруғи бекор қилинган ва фуқаро А.А аввалги лавозимига тикланган ҳамда жорий йил 2 сентябрдан 14 октябргача мажбурий прогул вақти учун унга ўртача иш ҳақи тўлаб берилади.
Шунингдек, мансабдор шахсларни МЖтКнинг 49-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига маъмурий таклиф киритилган.


Тошкент шаҳар адлия бошқармаси 
Инсон ҳуқуқларин ҳимоя қилиш бўлими